UzEnergyExpo-2019

23-25 октябр кунлари пойтахтимиздаги “O’zekspomarkaz” миллий кўргазма мажмуасида “UzEnergyExpo – 2019″ ва “O’zStroyExpo – 2019” халқаро кўргазмалари бўлиб ўтди.

Кўргазма майдончасида электр жиҳозлари, кабеллар, қурилиш ва пардозлаш материаллари, қурилиш ускуналари, иситиш ва шамоллатиш тизимлари, сув таъминоти ва сув тозалаш ускуналари намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва энергетика вазирликлари, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва “International Ехpо Group” МЧЖ томонидан ташкил этилган кўргазмаларда 15 мамлакатдан 180 компания иштирокчилари қатнашди, шу жумладан Ўзбекистон, Беларусия, Ҳиндистон, Испания, Қозоғистон, Хитой, Литва, Корея, Россия, Франция ва Туркия.

UzEnergyExpo – 2019 кўргазмаси мамлакатнинг энг йирик соҳаси – энергетиканинг намойишидир. Ўтган йилга нисбатан экспозиция 30 фоизга кенгайиб, бу мамлакатимизда ушбу соҳани ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибордан далолатдир.

YUQORICHIRCHIQ ENERGY SYSTEMS МЧЖ ходими Ергаш Атаханов “Кўргазмада иштирок этиш биз учун янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўналишларини аниқлашдир. Бизнинг компаниямиз мис шиналар ва электр панелларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган, аммо замонавий эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда, биз изоляция қилинмаган кабеллар ва ёритиш ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Кўргазмада иштирок этиш чет еллик ишбилармонларга маҳсулот экспортини кенгайтириш имкониятини беради”- дейди.

Кўргазмада Ҳиндистоннинг “Strut support systems” компанияси биринчи маротаба иштирок этди. Савдо ва маркетинг бўлими бошлиғи Тегвиндер Сингх кўргазма ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

– “Биз кабел ва қуёш панеллари учун махсус мосламалар ишлаб чиқарамиз” – деди у. – Кўргазмада бошқа мамлакатлардаги ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашиш имконига эга бўлдик. Биз Ўзбекистон энергетика соҳасидаги ютуқлар билан танишдик. Биз янги шериклар топишдан мамнун бўламиз.

Насиба Зиёдуллаева
УзА